«Davr Bank» номини ўзгартирди
Банкнинг янги номи давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ўзгариш Озарбойжоннинг ABB банки «Davr Bank» акцияларининг 51 фоизини сотиб олганидан кейин бошланган корпоратив янгиланишларнинг навбатдаги босқичи бўлди.

Ўзбекистондаги «Davr Bank» хусусий акциядорлик тижорат банкининг юридик номи «ABB Davr Bank» акциядорлик жамияти этиб ўзгартирилди ва янги ном давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу ўзгариш Озарбойжоннинг «ABB» банки томонидан мазкур банк акцияларининг 51 фоизи сотиб олинганидан сўнг амалга оширилган қадамларнинг навбатдаги босқичи ҳисобланади.
Банк номини ўзгартириш тўғрисидаги қарор жорий йилнинг 9 октябрь куни бўлиб ўтган акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишида қабул қилинган. Йиғилишда банк уставининг янги таҳрири ҳам тасдиқланган бўлиб, қарорга кўра, янги ном устав давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб қонуний кучга киради.
Шунингдек, молия муассасаси ўзининг кундалик фаолиятида «ABB Davr» тижорат белгисидан фойдаланади. Ушбу белгини товар белгиси сифатида расмий рўйхатдан ўтказиш вазифаси банк бошқаруви зиммасига юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг сентябрь ойида Озаройжоннинг йирик банкларидан бири ҳисобланган «ABB» «Davr Bank»нинг 51 фоиз акциясини 140 миллион долларга сотиб олган эди. 10 сентябрь куни якунига етган мазкур битим натижасида Озарбойжон банки Ўзбекистон банк бозорида назорат улушини қўлга киритди.
Олди-сотдига қадар банк асосчиси Лутфулла Убаев 46,9 фоиз улуш билан асосий акциядорлардан бири бўлган бўлса, битимдан кейин унинг улуши 25,5 фоизгача камайди.
Назорат пакети сотиб олингач, банкнинг корпоратив бошқарув тизимида ҳам ўзгаришлар юз берди. Хусусан, 9 октябрдаги акциядорлар йиғилишида кузатув кенгашининг аввалги беш нафар аъзоси, жумладан, банк асосчиси Лутфулла Убаевнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилди.
Янги тасдиқланган кузатув кенгаши таркибидан «ABB» бошқаруви раиси ўринбосарлари Талех Тахирли ва Агшин Амиров, шунингдек, мустақил аъзолар Шафаг Ҳасанова, Саид Абдунабиев ва Фарҳод Рўзиев ўрин олди. Собиқ асосий акциядор Лутфулла Убаев эса кенгаш йиғилишларида фақат овоз бериш ҳуқуқисиз кузатувчи сифатида иштирок этиши белгилаб қўйилди.
Маълумот учун, «Davr Bank» 2001 йилдан буён Ўзбекистон молия бозорида фаолият кўрсатиб келади.





