Блогерлар мажбуриятларини енгиллаштирувчи қонун лойиҳаси

08.05.2025 11:50

Онлайн-платформалар фойдаланувчилари ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаш, ахборот хавфсизлигини ошириш ва блогерларга нисбатан мажбуриятларни енгиллаштириш кўзда тутилган янги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Parlament

7 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида интернет фойдаланувчилари ҳуқуқлари ва онлайн муҳитда юзага келаётган ижтимоий муносабатлар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда депутатлар, медиа мутахассислар ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вакиллари иштирок этди.

Тадбирда маълум қилинишича, соҳани тартибга солиш мақсадида онлайн-платформаларда фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ягона қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳада фойдаланувчиларни ёлғон ахборот, зўравонлик ва нафрат тарғибига қарши ҳимоя қилиш, ҳуқуқий аниқлик яратиш, инфлюенсерлар ва блогерларнинг жавобгарлик чегарасини белгилаш каби масалалар назарда тутилган.

Қонун қабул қилиниши интернетда ахборот тарқатиш тартибини изчиллаштиради, бизнес юритиш шартларини аниқлашга ёрдам беради ҳамда фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш имкониятини кучайтиради.

Блогерлар учун масъулият енгиллашиши эса соҳадаги юкни камайтиради ва ҳуқуқий барқарорликни таъминлайди, дейишмоқда депутатлар.