The Moscow Times таҳлилларига кўра, Россия Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 80 минг рубл (972 АҚШ доллари) миқдорида бир марталик тўлов амалга оширади. Бу Ўзбекистон ва Қозоғистондаги тўловлардан қарийб 10 баравар кам.
9 май муносабати билан Ўзбекистонда фронтда жанг қилган ҳар бир иштирокчига 10 минг доллар ажратилган. Мамлакатда 112 нафар Ватан уруши қатнашчиси яшамоқда. Қозоғистондаги тўлов 5 млн тенге (қарийб 10 минг доллар)ни ташкил этади — қўшниларимизда 120 нафар уруш қатнашчиси қолган.
Беларусдаги 875 нафар фронтовикка 1641 долларга тенг миқдорда пул тўланади, Молдова эса 25 нафар иштирокчига 1700 доллар тўлайди. Қирғизистонда тўлов 11 минг 380 доллар, Тожикистонда — 2400 доллар, Озарбойжонда — тахминан 1460 доллар миқдорида белгиланган.
Россияда айрим ҳудудлар бу тўловларга қўшимча равишда 10 мингдан 2 млн рублгача бўлган маҳаллий ёрдамларни эълон қилган.
Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Россияда уруш қатнашчиларига тўланадиган пул миқдори МДҲ давлатлари орасида энг пасти экани маълум бўлди.
