Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тарқатган расмий баёнотга кўра, дунёда гўшт нархлари ошиб бораётган бир пайтда, Ўзбекистонда нархлар нисбатан барқарор сақланмоқда ва аҳоли харид қила оладиган даражада бўлиб турибди. FAO маълумотларига кўра, гўшт нархининг ўсишига дунёда ишлаб чиқариш ҳажмининг секинлашиши, озуқа ва логистика харажатларининг кўтарилиши, шунингдек, йирик импортчи мамлакатларда талабнинг ортиши сабаб бўлмоқда.
Россияда товуқ гўшти нархи 9,7 фоизга, Қозоғистонда 4,7 фоизга ошган. Ўзбекистонда эса гўшт нархи минтақавий ўсиш тенденцияларидан четга чиқмаган. Мамлакат бозорларида мол ва қўй гўшти арзанлаштирилган расталарда 65–75 минг, деҳқон бозорларида 90–95 минг, савдо марказларида 95–100 минг сўмдан сотилмоқда.
Пойтахт Тошкент шаҳрида эса гўшт маҳсулотлари аҳоли харид имкониятига мос равишда қисмларга бўлиб сотилмоқда: гўшти ажратилган суяк (рагу) 25–30 минг, қовурға 85–95 минг, лаҳм 110–130 минг сўм атрофида.
Халқаро бозорда эса 1 кг гўшт АҚШда 30 доллар, Кореяда 28 доллар, Швецияда 46 доллар, Туркияда 12–14 долларгача боряпти. Шу билан, Ўзбекистон Қирғизистондан кейин Марказий Осиёда гўшт энг арзон бўлган мамлакат сифатида қайд этилмоқда.
Шу билан бирга, озуқа маҳсулотлари нархининг кескин ўсиши гўшт етиштириш харажатларига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Йил бошидан буён шрот, омухта ем, беда ва бошқа хомашёлар 30–90 фоизгача қимматлашган.
2024 йилда 2,9 млн тонна тирик вазнда, 1,7 млн тонна сўйилган вазнда гўшт ишлаб чиқарилган. Импорт 93 минг тонна бўлиб, умумий улуши 5,4 фоизни ташкил қилган. Унинг 70 фоизи қайта ишлаш корхоналарига, қолгани эса арзанлаштирилган расталарга етказилган.
Сўнгги 5 йилда моллар сони икки баробарга, маҳсулот ҳажми уч баробарга ошган. Зотли моллар улуши 70–75 фоизга етказилган. Наслчилик корхоналари сони 1 900 тагача кўпайган. Ҳукумат томонидан тасдиқланган махсус дастурлар доирасида аҳолини сифатли ва барқарор нархдаги гўшт билан таъминлаш ишлари давом этмоқда, дейилади вазирлик баёнотида.