Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати 14 майдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб кучли иссиқ об-ҳаво кузатилиши ҳақида огоҳлантирди. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 14 май куни, 15–16 майда эса республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати кундузи 39–41 даражагача кўтарилади. Жанубий ва чўл ҳудудларда эса ҳаво ҳарорати 42–43 даражагача кўтарилиши мумкин.
Шу билан бирга, 14–15 май кунлари мамлакатнинг шимоли ва чўл ҳудудларида, 16–17 май кунлари эса айрим ҳудудларда шамол тезлиги сониясига 15–18 метргача етиши кутилмоқда. 17 май куни баъзи жойларда шамол сониясига 20–22 метргача кучайиши мумкин. Бу ҳолатда чанг-тўзонлар кузатилиши эҳтимоли ҳам мавжуд.
Мутасаддилар аҳолини эҳтиёт бўлишга, очиқ ҳавода узоқ юрмасликка, тўғридан-тўғри қуёш таъсиридан сақланишга ва сув истеъмолини оширишга чақирмоқда. Қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларида ҳам хавфсизлик чораларини кучайтириш тавсия этилмоқда.