Марказий банк сўровномасига кўра, апрелда аҳоли орасида сезилган инфляция даражаси март ойидаги 13,8 фоиздан 14,4 фоизга кўтарилди. Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 18,2 фоиз, Навоий вилоятида эса 12,4 фоизни ташкил этди.
Аҳолининг фикрига кўра, нархлар асосан гўшт, сут, электр энергияси ва табиий газ соҳаларида ўсди. Айниқса, апрелда электр ва газ (+1 фоиз), бензин ва ёқилғи, мева-сабзавотлар, дорилар, қурилиш моллари, кафе ва ресторан хизматлари, ижара, таълим, таъмирлаш ва маиший хизматлар бўйича юқори нарх ўсиши сезилди.
1 майдан эса янги тарифлар жорий этилди: электр энергияси учун базавий тариф 33,3 фоизга оширилиб, 450 сўмдан 600 сўмга етди. Газ нархи эса 650 сўмдан 1000 сўмгача ошгани сабабли аҳоли орасида инфляция сезилиши янада ортади, деган фикрлар билдирилмоқда.
Шу билан бирга, гўшт, сут, тухум, кийим-кечак ва транспорт хизматлари нархидаги ўсишни сезганлар сони камайди. Нон, ун ва гуруч бўйича фикрлар эса ўзгаришсиз қолди.