Давлат бошқаруви академияси қайта ташкил этилади

13.05.2025 15:49 | 2 дақиқада ўқилади.

Президент фармонига мувофиқ, Давлат бошқаруви академияси Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясига айлантирилади. Таълим сифатини ошириш ва раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш — асосий мақсадлардан бири этиб белгиланди.

2025 05 13 15.24.42

Президентнинг «Истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ва давлат хизматига самарали жалб этиш»га оид фармонига кўра, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси эндиликда Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси сифатида фаолият юритади. Янги форматдаги академия раҳбар кадрлар, номзодлар ва давлат хизматчилари учун малакани ошириш ва қайта тайёрлаш дастурларини амалга оширади.

2025 йил 1 октябрдан академияда қисқа муддатли курслар жорий этилади. Улар якунлангач, иштирокчилар билим ва кўникмалар бўйича диагностикадан ўтади. 2026 йил 1 январдан бошлаб геосиёсат, барқарор ривожланиш, лойиҳа бошқаруви ва бошқа йўналишларда махсус курслар ташкил этилади. Шунингдек, «Раҳбар аёллар», «Келажак лидерлари» ва бошқа ўқув дастурлари йўлга қўйилади.

Академиядаги магистратура дастурлари 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб «Ҳудудларни ривожлантириш», «Инсон ресурслари» каби мутахассисликларда амалга оширилади. 2026/2027 йилдан эса «Давлат сиёсати» ва «Давлат молиясини бошқариш» бўйича халқаро қўшма дастурлар йўлга қўйилади.

Академия ҳузурида Васийлик кенгаши ва Халқаро академик маслаҳат кенгаши тузилади. Ушбу ислоҳотлар президент томонидан истиқболли кадрлар тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш ташаббусининг бир қисми сифатида амалга оширилмоқда.