13 май куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан депортация қилинган меҳнат мигрантларига нисбатан чора-тадбирларни тартибга солувчи қарор қабул қилинди. Миграция агентлиги маълум қилишича, ҳужжат фақат ташкилий равишда хорижга юборилган ва у ерда ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга нисбатан қўлланилади.
Агар қайтариш жараёни Миграция агентлиги томонидан молиялаштирилган бўлса, фуқаро харажатларни тўлиқ қоплаши шарт бўлади. Шунингдек, у Миграция фонди ҳисобидан берилган субсидия ва компенсацияларни ҳам қайтариши лозим.
Бундан ташқари, бундай шахслар депортация қилинганидан сўнг 12 ой мобайнида ривожланган давлатларга ишга юбориш дастурларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Янги қарорга кўра, келгусида ишга юбориш шартномаларида жарима ва кафил шахслар билан боғлиқ шартлар ҳам алоҳида кўрсатилади. Бу ҳужжатда шартларига риоя қилмаслик оқибатлари аниқ белгилаб қўйилади.
Апрель ойида БАА ҳукумати ўзбекистонлик дипломатларни айрим мигрантлар томонидан содир этилган жиноятлар мамлакатлар ўртасидаги визасиз режимга таҳдид солиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда БААга визасиз кириш тартиби бекор қилингани ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ Ўзбекистон ТИВ бу маълумотни рад этди.