Намойишлар Истанбул, Анқара ва Измир каби йирик шаҳарлардан бошланиб, бутун мамлакатга тарқалди. Бу ҳаракатда талабалар, фуқаролик жамияти фаоллари ва мухолифат партиялари фаол иштирок этмоқда. Норозиликлар давомида юзлаб одамлар ҳибсга олинди, ижтимоий тармоқларга чекловлар қўйилди ва бир неча журналистлар қамоққа ташланди. Истанбул шаҳар кенгаши Имомўғли ўрнига вақтинчалик ҳоким этиб Нури Асланни тайинлади.
Иқтисодий жиҳатдан, Имамоғлунинг ҳибсга олиниши Туркия лирасининг 12,7 фоизга қадрсизланишига ва Истанбул фонд бозори индексининг 8,72 фоизга тушишига олиб келди. Марказий банк валютани барқарорлаштириш учун 25 млрд доллар сотди, аммо инфляция даражаси 29,75 фоизга етиши кутилмоқда. Бу ҳолат хорижий инвесторлар ишончини сўндирди.
Мухолифат етакчиси Ўзгур Ўзел ҳар ҳафта митинглар ўтказиш ва ҳукуматга яқин компаниялар маҳсулотларини бойкот қилишга чақирди. Имомўғли ҳибсда бўлишига қарамай, Жумҳурият халқ партияси уни 2028 йилги президентлик сайловларига номзод сифатида кўрсатди. Халқаро ташкилотлар, жумладан, Европа Кенгаши, Имомўғлининг озод қилиниши ва Туркияда демократик қадриятларни ҳурмат қилишга чақирмоқда.
Бу воқеалар Туркиядаги демократик жараёнлар ва иқтисодий барқарорликка жиддий таҳдид солмоқда. Иқтисодий мураккабликларнинг Туркияда яшаб, ишлаётган ватандошларимизга таъсирни ҳам инкор қилиб бўлмайди.