Жорий йилнинг 8 май куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган фармонга кўра, 2025 йилнинг 15 майдан бошлаб эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашнинг «светофор» тизими жорий этилиши кутилмоқда. Яъни оилалар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга бўлинади ва ёрдам шу асосда берилади.
Хусусан, «Қизил» тоифага киши бошига даромади 669 минг сўмдан кам бўлган, ишлаш имконияти чекланган ёки боқувчисини йўқотган оилалар киради. Уларга 1 июндан бошлаб қуёш панеллари ўрнатиб бериш, уй ҳовлисида кўчма дўкон очиш, давлат хизматлари учун тўловларда 75 фоиз чегирма бериш каби имтиёзлар берилади.
«Сариқ» тоифага эса ишлаш қобилиятига эга, лекин даромади етарли бўлмаган оилалар киради. Уларнинг давлат хизматлари учун тўловларига 50 фоиз чегирма назарда тутилган.
«Яшил» тоифа даромади киши бошига минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробари — 1 миллион 3 минг 500 сўмгача бўлган оилаларни ўз ичига олади. Бу тоифага олдин «қизил» ёки «сариқ»да бўлган, лекин чиқиб кетган ёки рўйхатга кириш хавфи юқори бўлган оилалар киради.
Шунингдек, фврмонда «Қизил» тоифадаги оилаларнинг аъло баҳога ўқилган талаба қизларга икки баробар стипендия тўланиши назарда тутилган. 1 сентябрдан бошлаб эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун мактабларда бепул узайтирилган кун квотаси жорий этилади.
Ҳар бир тоифадан «яшил» гуруҳга ўтган оилалар яна 12 ой мобайнида ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади.