Ўзбекистонликлар Green Card ютганлар орасида пешқадам бўлди

13.05.2025 17:22 | 2 дақиқада ўқилади.

Америка Қўшма Штатлари томонидан ҳар йили ўтказиладиган Green Card дастури натижаларига кўра, 2025 йилда энг кўп ғолиб Ўзбекистондан қайд этилди. Дунё бўйича тақдим этилган 55 минг доимий яшаш визасининг 5564 таси ўзбекистонлик фуқаролар ҳиссасига тўғри келди.

2025 05 13 17.19.44

3 май куни АҚШнинг «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси — DV» дастури (Green Card) бўйича 2025 йилги натижалар эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон фуқаролари дастурда энг кўп ютувчи чиққан миллат сифатида биринчи ўринни эгаллади. Жами 55 мингта виза ажратилган дастурда 5564 нафар ўзбекистонлик ғолиб деб топилди.

Ўзбекистондан ташқари, Жазоир (5526), Россия (5519), Миср (5515) ва Судан (5505) фуқаролари ҳам энг кўп Green Card ютганлар қаторида бўлди. Лотереяда жами 131 мингдан ортиқ киши рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан аксарияти Африка, Осиё ва Европа мамлакатларига тегишли.

Green Card дастури 1990 йилги АҚШ иммиграция қонунига асосан жорий этилган бўлиб, унда ҳар йили дунё бўйича 20 миллиондан ортиқ киши иштирок этади. Дастур доирасида ғолиб деб топилганлар АҚШда доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи визани олиш имконига эга бўлади. Бироқ, ғолиб сифатида танланганларнинг ҳаммаси ҳам визани қўлга кирита олмайди — улардан тахминан ярмигина интервю ва ҳужжатлар текширувидан муваффақиятли ўтади.

АҚШ Давлат департаменти ушбу дастурнинг очиқ ва автоматлаштирилган жараён эканини таъкидлаб, виза олиш учун танланганлардан ҳужжатларини белгиланган муддат ичида расмийлаштиришни сўрайди.