Ҳамбург ери суди Mediahuis Luxembourg S.A. медиахолдингига тегишли нашрларга россиялик миллиардер Алишер Усмоновни Dilbar суперяхтасининг эгаси сифатида кўрсатишни тақиқлади. Бу ҳақда Усманов матбуот хизмати маълум қилди. Суд бундай иддаоларни асоссиз, ҳақиқатга тўғри келмайди, деб топди.
Агар тақиқ бузилса, Mediahuis 250 минг еврогача жарима ёки олти ойгача маъмурий қамоқ жазосига тортилиши мумкин. Қонун бузилиш ҳолати такрорланса, умумий жазо икки йилгача етиши мумкин.
Даъвога 2022 йилдаги Luxembourg Times мақоласи сабаб бўлди. Унда Алишер Усмонов Dilbar’га компания ва трастлар орқали эгалик қилади, деб ёзилган. Миллиардернинг юристлари бу иддаони юридик асосдан холи деб топиб, суд орқали у қисмни мақоладан ўчиртиришга эришган.
2023 йилдан бери Усмановнинг ҳуқуқшунослари Германияда активларига оид турли асоссиз хабарлар учун 10 дан ортиқ судда ғалаба қозонган. Ҳимоя томони барча мулклар ишончли, мустақил трастлар ихтиёрига ўтказилганини таъкидламоқда.
Dilbar суперяхтаси 2022 йил апрелда Ҳамбург портларидан бирида ушланганди. Бу ҳолат Евроиттифоқ ва бошқа Ғарб давлатлари томонидан Усмоновга қарши санкцияларни асослаш воситасига айланди.