Вазирлар Маҳкамаси 7 май куни қабул қилган 302-сонли қарорга мувофиқ, Uzbekistan Airways учун амал қилиб келаётган ички рейсларга оид махсус тарифлар ва субсидиялар эндиликда мамлакатдаги барча резидент авиаташувчиларга татбиқ этилади. Шу асосда улар орқали ички рейсларга сотиб олинган эконом-класс чипталари нархининг 25 фоизи қайтарилади.
Қайтариладиган сумма, чипта нархи ва йўналишлар рўйхати махсус комиссия томонидан тасдиқланади. Бу орқали минтақавий авиаташувларни рағбатлантириш ва ички туризмни янада ривожлантириш кўзда тутилмоқда.
Қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 февралдаги 100-сонли ҳужжатига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилди. Мазкур ҳужжат аввалроқ Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг ички рейсларига нисбатан имтиёзларни белгилаган эди. Энди эса ушбу тартиб барча маҳаллий авиакомпанияларга жорий этилмоқда.
Молиявий ёрдам ички туризмни қўллаб-қувватлаш, юртдошларнинг вилоятлар бўйлаб саёҳатини арзонроқ қилиш ва авиарейсларга талабни ошириш мақсадида амалга оширилади.