Дунёда арзон нефт даври бошланиши кутилмоқда

14.05.2025 09:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Жаҳон банки ва етакчи таҳлилчилар фикрича, 2025 йилдан бошлаб нефт нархи кескин тушади. Сабаб — технологиялар ўсиши, бозорда таклиф кўплиги ва сўровда пасайиш.

2025 05 14 09.12.32

Жаҳон банки ҳисоботига кўра, 2025 йилда нефт нархи 21 фоизга, 2026 йилда яна 6 фоизга тушиши кутилмоқда. Бу динамика глобал сўровнинг пасайиши ва таклифнинг ортиши билан изоҳланади. Мутахассислар таъкидлашича, нефт учун янги давр бошланмоқда — арзонлашув ва кучли рақобат.

Ҳозирги кунда жаҳон бозорларида нефт етарлича, тақчиллик кутилмаяпти. Бу нафақат Трамп бошлаган тариф урушлари ёки OPEC+ қарори билан изоҳланади, балки объектив омиллар, жумладан, техноген ривожланиш ва истеъмолдаги узоқ муддатли пасайиш билан боғлиқ. Энергия самарадорлиги ортиши, электромобиллар ва яшил энергия тенденциялари нефтга бўлган эҳтиёжни босқичма-босқич камайтирмоқда.

ING ва ХЭА таҳлилчилари сўров ўсишини жуда суст баҳоламоқда: 2025 йилда сўров кунига 730 минг баррелга, 2026 йилда эса 690 минг баррелга ортиши мумкин. Golden Sachs маълумотларига кўра, бу кўрсаткич ҳатто 300 минг баррелгача тушиши эҳтимоли бор. Бундай суст сўров фонида 3–5 млн баррелгача қўшимча таклиф кутилаётгани нархни янада пасайтиради.

Майкл Крутихин каби экспертлар айтишича, нефт компаниялари ҳозир нархни эмас, ҳажмни сақлаб қолиш стратегиясини танламоқда. Бу эса арзон, лекин юқори рақобатли бозорни шакллантиради. Қиммат ва катта харажатли бозор иштирокчилари четда қолади.

OPEC+нинг квоталари эскирган. Аниқроғи, квота билан бозорни назорат қилиш энди самарасиз. 40 долларлик нарх яқин йилларда реал даражага айланиши мумкин ва бу узоққа чўзилиши эҳтимоли бор.

Нефт бозори энди арзон ишлаб чиқарадиган, юқори самарадор корхоналар қўлига ўтади. Қолганлар эса бозор четида қолиши мумкин. Энергия манбалари ичида нефт етакчиликни аста-секин йўқотмоқда.