Германия канцлери Европада энг кучли армия тузишни ваъда қилди

20:37 | 2 дақиқада ўқилади.

Фридрих Мерц Бундестагда сўзлар экан, Германия Европадаги энг кучли оддий армияга эга бўлиши учун барча зарур маблағларни ажратишини билдирди.

Merz

Германия канцлери Фридрих Мерц мамлакат Бундесверни Европа Иттифоқидаги энг кучли оддий армияга айлантириш ниятида эканини билдирди. Politico маълумотига кўра, у Бундестагдаги нутқида Германиянинг иқтисодий етакчи сифатида қитъа хавфсизлигида етакчилик қилиш мажбурияти борлигини алоҳида таъкидлади.

«Федерал ҳукумат Бундесверни Европадаги энг кучли армия қилиш учун барча зарур маблағларни ажратади. Бизнинг дўстларимиз ва ҳамкорларимиз бундан умидвор — ва ҳатто талаб ҳам қилмоқда», — деди Мерц.

Ушбу баёнот Германиядаги бюджет сиёсатининг қайта кўриб чиқилиши фонида янгради. Янги коалиция конституциявий «қарз тўсиғи»ни юмшатиб, мудофаа ва Украинага ёрдам учун юз миллиардлаб евро маблағ жалб қилиш имконини яратмоқда.

Мерц Берлин Киевни қўллаб-қувватлашни давом эттиришини ҳам тасдиқлади: «Биз кимнинг томонида эканимиз борасида ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак. Биз — мутлақо украиналиклар томонидамиз».

Россиянинг 2022 йилдаги Украинага босқинидан сўнг Германия мудофаа харажатларини сезиларли даражада оширган. Бироқ армияни қисқартириш ва тежамкорликка асосланган кўп йиллик сиёсат Бундесверни қайта қуришни шошилинч вазифага айлантирган. Мерц эса «пассивлик даври тугади», деб эълон қилди.