Ўзбекистон ЖСТга аъзолик жараёнини жадаллаштиради

21:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Президент Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокаралар ва ислоҳотларни жадаллаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берди.

Prezident jst

14 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёни юзасидан тақдимот билан танишди. Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, 2023 йилдан бери ташаббус шахсан давлат раҳбарининг назорати остида амалга оширилмоқда. Шу вақтгача тўртта Ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди, 30 дан зиёд расмий ҳужжат тақдим этилди ва 24 мамлакат билан икки томонлама музокаралар якунланди.

Аъзоликни таъминлаш учун божхона, экспорт-импорт ва интеллектуал мулк соҳаларида ислоҳотлар ўтказилган. Хусусан, давлат улуши мавжуд 6 та корхонада эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди. Шунингдек, 13 та қонун, 10 та президент фармон ва қарорлари, 19 та Вазирлар Маҳкамаси ҳужжати қабул қилинди.

Йиғилишда президент ЖСТга аъзолик жараёнини сифатли ташкил қилиш ва 2025 йилда қолган 9 мамлакат билан музокараларни якунлаш вазифасини топширди. Ишчи гуруҳнинг яна 2 та йиғилиши ва ҳисобот лойиҳаси тайёрланиши белгиланди.

Қонунчиликни ташкилот талабларига мослаштириш мақсадида 15 га яқин янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши, хусусан «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида» ва «Антидемпинг божлари тўғрисида»ги қонунлар тезлаштирилиши таъкидланди. Санитария, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.