Ўзбекистонда хусусий пенсия жамғармалари ташкил этиш таклифи илгари сурилди

14.05.2025 13:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Халқаро маслаҳатчилар Ўзбекистонга пенсия ислоҳотларини чуқурлаштириш, айниқса хусусий жамғармалар жорий этиш ва солиқ сиёсатини такомиллаштиришни тавсия қилди.

Pensia sia

13 май куни Стратегик ислоҳотлар агентлиги раҳбари Баҳодир Раҳматов халқаро маслаҳатчилар кенгаши аъзолари — Алфред Гузенбауэр, Александр Квасневский ва Штефан Фюле билан учрашув ўтказди. Унда 2025 йил учун фискал ва молиявий соҳадаги тавсиялар муҳокама қилинди.

Маслаҳатчилар солиқ тизимини кенгайтириш, маъмурий назоратни кучайтириш ва уни очиқлаштиришни асосий йўналиш сифатида белгилади. Улар ширинлик миқдорига асосланган акциз формуласи жорий этилишини, яъни қандли ичимликлар учун акцизни ҳажмга қараб эмас, балки шакар миқдорига кўра ҳисоблашни тавсия қилди.

Энг муҳим таклифлардан бири — пенсия тизимидаги ўзгаришлар. МКС олти йўналишда ўзгаришлар киритиш учун бешта қонунни қабул қилишни таклиф этди. Жумладан:

  • ихтиёрий бадаллар асосида ишлайдиган хусусий пенсия жамғармаларини ташкил этиш;
  • пенсия тайинлаш ва хизматлар кўрсатиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш;
  • расмий иш стажи ва бадаллар тўлови ҳисобини юритишни жорий этиш.

Маслаҳатчилар шунингдек, Австрия, Полша ва Чехиядаги ҳудудий ривожланиш моделлари билан Ўзбекистон расмийларини таништиришга тайёр эканини билдиришди.

Маълумот учун, 2024 йил октябрда пенсия ислоҳотлари концепциясини ишлаб чиқиш бўйича ҳукумат гуруҳи тузилган. Унга иқтисод ва молия вазири Жамшид Қўчқоров раҳбарлик қилмоқда.