Россиядаги қурилишларда меҳнат мигрантлари сони кескин камайди

14.05.2025 19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россияда қурилиш соҳасида ишлаётган мигрантлар сони 2025 йил бошида 20 фоизга камайди. Сабаб — уруш, аксилмигрнат сиёсат ва рақобатбардош маош таклиф қилаётган араб давлатлари.

мигрант

Россияда қурилиш соҳасида фаолият юритувчи хорижлик меҳнат мигрантлари сони 2025 йилнинг биринчи чорагида 20 фоизга камайиб, 500 минг кишини ташкил этди. Бу ҳақда «РИА Новости»га сўзлаб берган РФ Қурувчилар миллий уюшмаси раҳбари Антон Глушковга кўра, бу — Украинадаги уруш ва аксилмигрант сиёсат натижаси.

Унга кўра, муҳожирлар маоши кескин ошгани туфайли россиялик ва чет эллик ишчилар ўртасидаги маош фарқи энди бор-йўғи 10–15 фоизни ташкил этмоқда. Илгари бу фарқ 30–40 фоизгача етарди ва иш берувчилар арзон иш кучи сифатида муҳожирларни афзал кўрарди.

Глушковнинг таъкидлашича, ҳозир Россия компаниялари муҳожирлар учун БАА ва Саудия Арабистони билан рақобатлашмоқда. Ҳиндистон ва Покистон каби мамлакатлардан ишчи кучини жалб этиш имкони мавжуд, лекин визалар ва рус тили имтиҳони бу жараённи чекламоқда. Унга кўра, қурилишдаги ишчилардан рус тилини билиш талаб қилинмаслиги лозим, чунки бригадалардаги мулоқот таржимонлар орқали олиб борилади.

2024 йилда РФ бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин мамлакатда 200–400 мингта қурилишчи етишмаётганини билдирган эди. Шунингдек, 40 минг киши вақтинча оккупация қилинган Украина ҳудудларига йўналтирилган. Бошқа сабаблар — кадрларнинг мудофаа саноатига кетиши ва миграция сиёсатининг кескинлашуви. Маълумотларга кўра, маошларнинг кескин ўсиши қурилиш харажатлари ва уй-жой нархларининг ортишига олиб келган.