Тошкентда энергетика ҳафталиги қизғин давом этмоқда

14.05.2025 19:44 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон энергетика ҳафталиги — UEW 2025нинг иккинчи куни ўтмоқда. Бу тадбир нафақат инновациялар, балки халқаро ҳамкорлик имкониятларини ҳам намоён қилмоқда.

Uzen

Тошкентда энергетика соҳасидаги йирик халқаро тадбир — Ўзбекистон энергетика ҳафталиги (UEW 2025)нинг иккинчи куни бўлиб ўтди. Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу ҳафталик ёқилғи-энергетика секторини ривожлантириш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим майдон ҳисобланади.

UEW 2025 доирасида бир нечта йирик кўргазма ва форумлар ташкил этилмоқда. Булар сирасига «Ўзбекистон нефт ва гази – OGU 2025», «Power Uzbekistan 2025» ҳамда «Яшил энергия ва тежамкор технологиялар – GETCA 2025» кабилар киради. Уларнинг барчаси энергетика соҳасидаги инновация, технологиялар ва инвестиция лойиҳаларига бағишланган.

Форумда 30 дан ортиқ мамлакатдан 465 та компания, 90 дан зиёд спикер ва 1420 нафар делегат қатнашмоқда. Асосий экспозиция майдонларини Хитой компаниялари эгаллаган. Шунингдек, Россия ва Туркия компаниялари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Тадбир доирасида ёшлар ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйини ташкил этилди. UEW 2025 нафақат соҳанинг замонавий ечимларини кўрсатмоқда, балки келажак энергетикаси учун янги ташаббусларни муҳокама қилиш имконини ҳам бермоқда.