Трамп Саудия Арабистонига пул ва тинчлик билан ташриф буюрди

14.05.2025 17:49 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Яқин Шарқ бўйлаб сафарининг биринчи манзили Саудия Арабистони бўлди. У Муҳаммад ибн Салмон билан мулоқот қилар экан, «тижорат барқарорликка олиб келади», дея таъкидлади ва Сурияга нисбатан санкцияларни бекор қилди.

Trump shsraa

Доналд Трамп 4 кунлик Яқин шарқ бўйлаб сафарини Саудия Арабистонидан бошлади. Ар-Риёдда у валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон билан учрашди ва бир қатор иқтисодий ва ҳарбий шартномаларни имзолади. Учрашувда араб анъанасига кўра қаҳва узатилди. «Менимча, биз бир-биримизни жуда ёқтирамиз», деди Трамп.

Иқтисодий ҳамкорликка катта эътибор қаратилган. Саудия Арабистони АҚШга 600 млрд доллар сармоя киритишини эълон қилди. Трамп буни олқишлаб, «триллион бўлса, янада яхши бўларди», деб ҳазиломуз изоҳ берди. У билан бирга делегация таркибида Blackstone, BlackRock раҳбарлари ва Илон Маск ҳам бор эди.

Трампнинг мулоқотдаги асосий шиори: «Хаос ўрнига тижорат!» У Эрон билан ҳам янгича муносабатлар ўрнатишни мақсад қилганини таъкидлади. Учрашувдаги энг шов-шувли қарорлардан бири — Суриядаги янги ҳокимиятга нисбатан АҚШ санкцияларининг бекор қилиниши бўлди. Трамп бу билан «Сурияда буюкликка йўл очмоқдамиз» дея баёнот берди.

Трамп Сурия президенти Аҳмад Аш-Шаръани «ёш, жозибали ва жуда жиддий ўтмишга эга йигит», деб атади. У Саудия Арабистонида бўлиб ўтган учрашувни «ажойиб» деб баҳолади. «Унда салоҳият бор — у ҳақиқий етакчи. Унда чиндан ҳам барчасини ўз назоратида ушлаш имконияти бор», — деди Трамп.

Шунингдек, у араб давлатлари билан Исроил ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш, Ғазода урушни тўхтатиш ва Ямандаги ҳусийчиларга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратаётганини маълум қилди.