«Damas» ва «Labo» ўрнини арзон янги модел эгаллайдими?

18:03 | 2 дақиқада ўқилади.

Президент Мирзиёев Хоразмда арзон, 7 ўринли янги автомобиллар ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётганини маълум қилди. Лойиҳа учун 100 млн доллар ажратилади. Айни пайтда, «Ўзавтосаноат» «Damas» ва «Labo» автомобилларини ишлаб чиқаришни тўхтатиш ҳақидаги миш-мишларга муносабат билдирди.

Damas labo

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразмга қилган ташрифи давомида Euro-5 стандартига жавоб берадиган янги, 7 ўринли арзон автомобил ишлаб чиқариш режаси ҳақида маълум қилди. Ушбу лойиҳага 100 млн доллар йўналтирилиши, ишлаб чиқариш эса «Damas» ва «Labo» ишлаб чиқарувчи Питнакдаги завод базасида ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

Мазкур қадам маҳаллий бозорда арзон ва кичик автомобилларга бўлган талабни қондиришга қаратилган. Янги моделнинг ишлаб чиқарилиши ҳамёнбоп «Damas» ва «Labo» ўрнини босадими, деган савол ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди.

Бу мунозараларга жавобан, «Ўзавтосаноат» матбуот хизмати бу моделларнинг ишлаб чиқарилиши тўхтатилиши ҳақидаги маълумотларни рад этди. Компания баёнотида «ҳозирча бундай қарор йўқ ва ҳар қандай ўзгаришлар расмий саҳифалар орқали эълон қилинади», дейилади.

Шу билан бирга, «Damas» заводида Сrumkoduye N400 ёки Wuling каби янги модел ишлаб чиқарилиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар ҳақида ҳам изоҳ берилди. Компания янги автомобил танлашда маҳаллий эҳтиёжлар, ишончлилик ва қулайликка алоҳида эътибор қаратилаётганини билдирди.