Фирибгарлар БАА – Ўзбекистон ўйинига қалбаки чипталар таклиф қилишмоқда

13:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон миллий жамоасининг 5 июн куни БААга қарши ўйини арафасида мухлислар қалбаки чипталар қурбонига айланиш хавфи бор. Айрим турфирмалар томонидан «кафолатли чипталар» таклиф этилмоқда, ҳолбуки чипталарнинг расмий савдоси ҳали бошланмаган.

Uae uzb

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси чипталар билан боғлиқ ҳолатни ўрганмоқда ва фуқароларни эҳтиёт бўлишга чақирмоқда. Бошқарма маълумотига кўра, БАА ҳудудида мазкур ўйин учун ҳали расман чипта савдоси бошланмаган, бу эса турфирмалар таклифларини шубҳа остига қўяди.

Айрим интернет сайтларида ҳам чипталар сотилаётгани кузатилган, аммо бу расмий манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси БААдаги ҳамкасбларига мурожаат қилиб, муайян сонидаги чипталарни сўраган ва уларнинг бир қисми расмий фан-клуб орқали тарқатилади. Шу боис футбол ишқибозларига расмий фан-клуб орқали мурожаат қилиш тавсия этилади.

Ўзбекистонлик футбол таҳлилчиси Алишер Никимбаевнинг хабар беришича, чипталарни онлайн сотиш БААдаги ticketmaster.ae платформаси орқали амалга оширилиши мумкин, бироқ бу ҳам ҳозирча расмий тасдиқланмаган маълумот.

5 июн куни Абу-Дабида БААга қарши ва 10 июн куни Тошкентда Қатарга қарши ўйинларда Ўзбекистон жамоаси жаҳон чемпионати йўлланмаси масаласини ҳал этиши мумкин. БААга қарши ўйиндаги дуранг ёки ғалаба Ўзбекистон миллий жамоасини ЖЧ-2026 га муддатидан аввал олиб чиқади.