Ҳудудларда коррупцияга қарши янги механизм жорий этилади

11:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда ҳудудий йўл хариталари орқали коррупция хавфларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича янги тизим шакллантирилмоқда. Бунинг учун маҳаллий Кенгашлар ва прокуратура органлари масъул қилинади.

Korrupsiya

Бош прокуратурада Коррупцияга қарши кураш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда агентлик директори Акмал Бурхонов ва бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев иштирок этди.

Йиғилишда таъкидланишича, Республика идоралараро ишчи гуруҳи сўнгги икки ойда барча ҳудудларда коррупцияга мойил соҳаларни қамраб олган ҳолда йўл хариталари ишлаб чиққан. Уларда асосий эътибор бюрократия, қоғозбозлик, инсон омили ва шаффофликнинг йўқлиги каби омилларга қаратилади.

Акмал Бурхоновнинг таъкидлашича, бу йўналишдаги вазифалар тўғри, масъулиятли ва тизимли бажарилса, ушбу тажриба бошқа ҳудудларга ҳам осон татбиқ қилинади. Йўл хариталарини ижросини таъминлашда халқ депутатлари кенгашлари, вилоят прокурорлари ва ҳудудий кенгаш раислари масъул этиб белгиланди.

Бундан ташқари, Бош прокурор ўринбосари ва агентлик директори раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилиб, ҳар ҳафта юкори хавфли соҳалардаги объектларда текширувлар ўтказилади. Йиғилишда белгиланган вазифаларни ўз вақтида амалга оширишга доир масъулиятли ёндашув муҳокама қилинди.