НАТО Россия мудофаа саноати ўсиб бораётганидан хавотирда

13:00 | 2 дақиқада ўқилади.

НАТО бош котиби Марк Рютте Россия мудофаа саноатида кузатилаётган ўсишдан жиддий хавотир билдирди. Унинг таъкидлашича, Москва ҳарбий саноатда катта ютуқларга эришмоқда ва бу ҳолатга нисбатан Ғарб мамлакатлари чора кўриши зарур.

Rutte

Рютте ўз баёнотида НАТО аъзоси бўлган давлатларни ушбу масалага жиддий ёндашишга чақирди. Унга кўра, Россиянинг ҳарбий имкониятларини кучайтириши халқаро хавфсизликка жиддий таҳдид солиши мумкин, деб хабар бермоқда РИА Новости ахборот агентлиги.

Россия Президенти Владимир Путин ҳам сўнгги ҳафталарда мудофаа саноатини ривожлантириш масаласини Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида кўтарган эди. У ушбу соҳани устувор йўналиш сифатида белгилаган ва амалий вазифаларни белгилаб берган.

Аввалроқ, НАТО мудофаага ЯИМнинг 5 фоизини ажратиш бўйича Трамп талабини ҳаётга татбиқ этмоқчилиги хабар қилинган эди.

НАТО иттифоқчилари 2032 йилга қадар мудофаа ва хавфсизлик соҳаларига ЯИМнинг 5 фоизини ажратиш бўйича янги келишув устида иш олиб боришмоқда. Бу таклиф АҚШ президенти Доналд Трампнинг талабидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилмоқда.

Алянс бош котиби Марк Рютте илгари сураётган режага кўра, ажратмаларнинг 3,5 фоизи тўғридан-тўғри мудофаа харажатларига, яна 1,5 фоизи эса ҳарбий логистика, киберхавфсизлик ва шу каби соҳаларга йўналтирилади.