Ўзбекистонда болалар контенти учун махсус марказ ташкил этилмоқда

16:10 | 2 дақиқада ўқилади.

Президент қарорига асосан, ёшларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш ва миллий тарғиботни кучайтириш мақсадида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар маънавияти ва ахборот маконидаги хавфлар ҳақида сўзлар экан, миллий контент яратиш ва ижодкорларни қўллаб-қувватлаш учун профессионал ташкилот етишмаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил этилди.

Марказнинг асосий вазифаси — болалар соғлиғи ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи контентни таҳлил қилиш, ижобий миллий маҳсулотлар яратиш учун маҳаллий ижодкорларга буюртма бериш, соҳада кадр тайёрлаш ва таҳлилий ишлар олиб боришдан иборат. Марказга таниқли режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов раҳбар этиб тайинланди.

Қори Ниёзий институти ушбу марказ фаолиятига илмий ёрдам кўрсатади. Шунингдек, барча масъул вазирлик ва идораларга марказ билан ҳамкорликда ишлаш топширилди.

Йиғилишда таъкидланишича, саноқли кунлардан сўнг 6 млн ўқувчи ва 1 млн талаба таътилга чиқади. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида барча таълим муассасаларида спорт, фан ва касб тўгаракларини очиш топширилди.