Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банки маблағи эвазига 58 та янги мактаб қурилади

15:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ҳукумати Ислом тараққиёт банкидан 200 млн доллар жалб қилди. Бу маблағга 58 та мактаб барпо этилиб, 72 минг нафар ўқувчи учун янги жой яратилади.

Prezident selek2

Президент ташаббуси билан жорий йилда мамлакатда 58 та янги мактаб қурилади. Бу мақсадда Ислом тараққиёт банкидан 200 миллион доллар маблағ жалб қилинган. Мазкур лойиҳа 72 минг нафар ўқувчи учун янги ўқув ўринларини яратишни назарда тутади.

Қўшимча равишда вилоят ҳокимларига БАА, Саудия Арабистони, Қатар ва Жанубий Корея каби давлатлардан халқаро инвесторларни жалб этиш ва маҳаллий тадбиркорлар орқали ҳар бир ҳудудда 10 миллион долларлик мактаб қуриш лойиҳаларини амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Таълим инфратузилмасини ривожлантиришда хусусий шериклик алоҳида ўрин тутаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан мактаб ва боғчалар учун хусусий шериклик лойиҳаларини эълон қилиш муддати 45 кундан 30 кунга қисқартирилади. Жорий йилда камида 100 та бундай лойиҳа амалга оширилиши кутилмоқда.

Боғчаларга қамров 7 йилда 700 мингдан 2,3 миллион болагача етказилди. Бугунги кунда мамлакат бўйлаб 7 мингта давлат ва 31 мингдан зиёд хусусий боғча фаолият юритмоқда. Аммо Президент таъкидлашича, сифати жиҳатидан ҳали бажариладиган ишлар кўп.

Эндиликда илғор хорижий тажриба асосида мактабга тайёрлов гуруҳлари ва бошланғич таълим дастурлари уйғунлаштирилади. Сингапур ташкилоти билан ҳамкорликда болаларни танқидий ва ижодий фикрлашга ўргатувчи дастурлар жорий этилади. Шунингдек, боғча тарбиячилари учун касбий сертификатлаш тизими йўлга қўйилади.