Ўзбекистонда педагогика олийгоҳлари тубдан ислоҳ қилинади

15:50 | 2 дақиқада ўқилади.

Педагоглар тайёрлаш тизими янгича босқичга ўтмоқда. Президент Термиз педагогика институти мисолида барча олийгоҳлар фаолиятини тубдан ўзгартиришни маълум қилди. Янги тизимга кўра, таълим мазмуни ва бошқарув халқаро стандартларга уйғунлаштирилади.

Prezident selekt3

Президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлади. Эълон қилинган режага кўра, барча педагогика олийгоҳларида халқаро бошқарув ва таълим стандартлари жорий этилади. Термиз педагогика институти бу ўзгаришларнинг намунавий нуқтаси сифатида белгиланди.

Институтда Янги Ўзбекистон университетидаги каби халқаро бошқарув тизими жорий этилади. Факултетлар ўрнига 6 та йўналиш бўйича олий мактаб ташкил қилинади. Аниқ фанлар мактаби Мюнхен техника университети, қолганлари эса Кембриж университети дастурларига асосланади.

Фанлар сони 20 тадан 15 тага, таълим йўналишлари 31 тадан 17 тага қисқартирилади. Ўқув юкламаси 20 фоизга камайтирилади. Термиз шаҳри ва туманидаги 47 та мактаб амалиёт базасига айлантирилади, 15 та мактаб эса методик тажриба марказига айлантирилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланади.

20 нафар хорижий тил сертификатига эга устоз Буюк Британия, Германия ва Сингапурга малака ошириш учун юборилади. Келгуси 3 йилда барча устозлар хорижий тилни ўзлаштириб, халқаро тажрибага эга бўлиши керак.

Ушбу янгиликлар хусусий олийгоҳларга ҳам тааллуқли. Эндиликда улардаги педагогик йўналишлар ҳам давлат институтлари стандартлари асосида амалга оширилади. Билим сифати ташқи диагностика орқали баҳоланади. Бу орқали хусусий таълимда ҳам сифатни назорат қилиш механизми шакллантирилади.