Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими бўйича видеоселектор йиғилишида таълим тизимидаги долзарб муаммолар муҳокама қилинди.
Йиғилишда айтилишича, 7–11 синф ўқувчилари кунига 8 соатгача вақтни ижтимоий тармоқларда ўтказмоқда. Бу ҳолат ота-оналар, мактаб раҳбарлари ва муаллимлар учун жиддий сигнал бўлиши кераклиги қайд этилди.
Шунингдек, айниқса, Наманганда ўқувчиларга автомобилни ижарага бериш ҳолатлари ортиб бораётгани танқид қилинди. Ҳар ойда ўнлаб ёшлар жароҳат олаётгани, айрим ҳолатлар ўлим билан якунланаётгани таъкидланди. Президент ички ишлар ва прокуратура органларини қонун устуворлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётганликда айблади.
Бу ҳолатларга барҳам бериш мақсадида болаларга машина бошқариш ҳуқуқини берганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди.
Президент таълим соҳасида катта ўзгаришлар амалга оширилганини таъкидлар экан, ҳали ҳам ечимини кутаётган муаммолар борлигини таъкидлади. Шу муносабат билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига бутун тизимни «фавқулодда тўқсон кунлик» режимда ишлашга ўтказиш вазифаси қўйилди.