The New York Times нашрининг ёзишича, АҚШ ҳукумати ва Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотларига кўра, 2024 йил бошидан 2025 йил апрелигача бўлган 16 ой мобайнида Россия армияси Украинадаги жангларда 400 мингга яқин аскарни йўқотган. Бу йўқотишлар қаторига ҳалок бўлганлар ва оғир яраланганлар киради. Шу вақт мобайнида Россия қўшинлари Украинанинг фақат 4731 км² — яъни умумий ҳудудининг 1 фоизига ҳам етмаган қисмини эгаллай олган.
Ҳар бир километр квадрат ҳудуд учун Россия армияси ўртача 84 аскар йўқотган. Инглизча ҳисоб-китобларга кўра, Россия 2022 йилдан буён Украинада деярли 1 млн аскарни сафарбар этган, шуларнинг 376 мингга яқини фронтда оғир яраланиб, ногиронга айланган. Бу Брянск ёки Твер шаҳри аҳолисига тенг.
2025 йил май ҳолатига кўра, Россия армияси Украинанинг тахминан 20 фоизини назорат қилмоқда. Улар жумласига Луҳанскнинг деярли тўлиқ ҳудуди ва Донецк, Запорижжя ҳамда Херсон областларининг катта қисми киради. Бироқ, Reuters маълумотларига кўра, бу ҳудудларнинг аксар қисми урушнинг илк ҳафталарида эгалланган.
Президент Владимир Путин эса музокараларда Украинадаги тўртта областнинг тўлиқ назоратини талаб қилмоқда. Бу ҳудудларнинг бир қисми Россия армияси қўлига ўтмаган бўлса-да, Кремл улардан воз кечиш ниятида эмас.