UPay тизими томонидан «Миллий банклараро процессинг маркази» АЖ билан интеграция масаласида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилинган. Қўмита белгиланган тартибда ўрганиш ишларини олиб бориб, расмий сўров асосида масалани кўриб чиққан ва ижобий ҳал этган.
Шундан сўнг, «Maroqand» АЖга тегишли бўлган UPay тўлов платформаси HUMO тизимига тўлиқ уланди. Бу орқали барча тўлов операциялари қайта тикланиб, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш тўлиқ йўлга қўйилди.
Ушбу интеграция нафақат тўлов тизимлари ўртасидаги узвий ҳамкорликни кучайтирди, балки рақамли молия хизматларидан фойдаланиш имкониятларини ҳам кенгайтирди. Рақобат қўмитаси ушбу жараёнда монополияга қарши талабларга риоя этилишини таъминлаш билан бирга, бозорда барқарор рақобат муҳитини қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшди.
Мазкур қадам маҳаллий тўлов экотизимини янада диверсификация қилиш, инновацион ечимларни тезкор жорий этиш ва рақамли хизматларга ишончни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.