Янги Тошкент дирекцияси ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Нурматованинг таъкидлашича, янги шаҳарда яшил қурилиш концепсияси Ўзбекистоннинг иқлим барқарорлиги стратегиясида алоҳида ўрин тутади. Ушбу лойиҳа шаҳар инфратузилмаси қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиш ва энергия самарадорлигини оширишга йўналтирилган.
Шаҳарнинг энергия таъминоти деярли тўлиқ қайта тикланувчи манбалар ҳисобига қопланади. Биринчи босқичда пахта пояларидан ишлаб чиқариладиган биоёқилғи асосидаги тригенерация қурилмаси ишга туширилади. Бу иншоот 50 MW иссиқлик ва 27 MW электр энергияси билан таъминлай олади.
Шунингдек, Қуёш ва гидроэлектр станциялари орқали шаҳарга 1 GW дан ортиқ яшил энергия етказилади. Энергия узлуксизлигини таъминлаш учун йирик энергия сақлаш тизимлари жорий этилади.
Янги Тошкентда ернинг 30 фоиз қисми яшил масканлар — хиёбон ва боғларга ажратилади. Биноларда «яшил том» технологияси татбиқ этилади. Бу эса биноларнинг салқинлигини сақлаб, энергия тежашга ёрдам беради. Шунингдек, шаҳар жамоат инфратузилмаси «15 дақиқалик масофа» принципига асосан шакллантирилади.