Ўзбекистонда 60 минг ўқитувчи 8–12 млн сўм маош олмоқда

15.05.2025 14:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда ўқитувчилар учун жорий этилган устама тизими ўз самарасини бермоқда. Президент Мирзиёев маълум қилишича, айни пайтда 60 мингдан зиёд ўқитувчи 8–12 миллион сўм миқдорида маош олмоқда.

Prezident selektor

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинишича, малака, тил билиш, баҳолаш усуллари ва олимпиадаларда иштирок каби мезонлар асосида 10 дан ортиқ устама жорий қилинган. Янги ўқув йилидан мактаб директорлари, ўринбосарлари ва боғча мудираларининг иш ҳақи 7–10 миллион сўмдан ошади.

Президент таъкидлаганидек, сўнгги 7 йилда таълимга йўналтирилаётган маблағ 7 баробарга ошган. 2024 йилда ушбу соҳага 60 триллион сўм ажратилади. Мактаб ва боғчаларда 2,5 миллион янги ўрин яратилган, боғча қамрови эса 78 фоизга етказилган.

Бундан ташқари, боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоизга оширилиб, мактаб ўқитувчилари билан тенглаштирилган. Лекин ўқитувчиларнинг билим ва малакасига доир муаммолар ҳали ҳам борлигини президент қайд этди.

Жумладан, 2023 йилда тоифа бериш имтиҳонида қатнашган 341 минг ўқитувчидан 102 минг нафари синовдан ўта олмаган. Янги ишга қабул тизими орқали эса 13 минг номзоддан 6 минг нафари билим етишмаслиги туфайли ишга қабул қилинмаган.

Муаммолардан яна бири — хусусий олийгоҳларда кимё, биология ва физика фанлари бўйича ўқитувчи кадрлар тайёрланмаётганидир.