9 млн доллар талон-торож қилган шахс Москвада қўлга олинди

10:25 | 2 дақиқада ўқилади.

Москва ва Тошкент Интерполи ўртасидаги ҳамкорлик натижасида йирик миқдорда фирибгарликда айбланаётган ўзбекистонлик фуқаро Внуково аэропортида ушланди ва Ўзбекистонга қайтарилди.

Interpol

Россия ИИВ расмий вакили Ирина Волк маълум қилишича, Москвада халқаро қидирувда бўлган ўзбекистонлик фуқаро Интерполнинг қўшма операцияси доирасида қўлга олинди. У Ўзбекистонда 9 млн доллар миқдорида банк кредитини талон-торож қилганликда айбланмоқда.

 

Маълумотларга кўра, айбланувчи мамлакатдаги тижорат корхонаси раҳбари бўлган. У пахта етиштириш учун банкдан йирик миқдорда кредит олган, маҳсулотни сотиш орқали тахминан 20 млн доллар даромад қилган, аммо қарзни қайтармасдан чет элга қочган.

 

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари унинг Россияга келишини маълум қилиб, Интерпол орқали хабар берган. Натижада фуқаро Внуково аэропортида, самолётдан тушиши билан ушланган.

 

Ўша кунинг ўзида у Ўзбекистонга юборилган ва аэропортда маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қайта қўлга олинган.

 

Мазкур операция Россия ва Ўзбекистоннинг Интерпол бўлимлари ўртасидаги самарали ва тезкор ҳамкорлик туфайли амалга оширилгани қайд этилди.