Russia Today маълумотларига кўра, АҚШ Давлат департаменти 2026 йилда янги «тажриба алмашинуви» дастурини молиялаштириш учун маблағ ажратишни режалаштирмоқда. Дастурнинг асосий йўналиши — маҳаллий жамоалар ва фаоллар орқали ижтимоий ўзгаришларга эришиш.
Лойиҳа IREX (Халқаро тадқиқотлар ва алмашинувлар кенгаши) орқали амалга оширилади. Унинг 2024 йилги ҳисоботига кўра, ташкилот бюджетига тушган маблағларнинг 87 фоизи АҚШ ҳукуматидан келган.
Дастур доирасида «Етакчилик ва фуқаролик иштироки академияси» ташкил этилади. Унда қатнашувчилар АҚШда бир йиллик ўқув жараёнидан ўтишади. Уларга маҳаллий жамоалар билан ишлашни ўргатишади, сўнг ўз мамлакатларида лойиҳаларини амалга оширишлари керак бўлади.
Барча харажатлар — визадан тортиб турар-жой, овқатланиш ва тиббий ёрдамгача — АҚШ томонидан қопланади. Бу жараёнда улар махсус J-1 визаси билан таъминланади.
Евроосиё таҳлилий клуби раҳбари Никита Мендкович бу дастурни АҚШнинг «мулойим таъсир кучи» стратегияси доирасидаги қадам деб баҳолади. Унинг фикрича, АҚШ таълим ва давлат бошқаруви орқали минтақага таъсир ўтказишни мақсад қилган.
Унинг таъкидлашича, IREX аллақачон Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонда таълим соҳасида фаолият юритмоқда. Тожикистон ва Туркманистонда ҳам ўхшаш стратегия қўлланиши мумкин.
Бундан ташқари, АҚШ аввал ҳам Қозоғистонда журналистика, Қирғизистонда ёшлар фаоллиги ва Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир лойиҳаларни қўллаб-қувватлаган.