Фарғонада 213 млн сўм субсидия талон-торож қилинди

10:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Фарғонада камбағалликни қисқартиришга ажратилган бюджет маблағлари мансабдорлар томонидан сохта ҳужжатлар орқали ўзлаштирилди. Жами 213 миллион сўм давлат субсидияси асоссиз ва қонунга хилоф равишда берилган.

Subsidia

Бош прокуратура маълумотларига кўра, Фарғона шаҳридаги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими мансабдор шахслари давлат маблағларини талон-торож қилган.

29 нафар ҳақиқатда ишсиз бўлмаган шахсга 145 млн сўм субсидия асоссиз равишда ажратилган. Бундан ташқари, субсидия сўраб мурожаат қилмаган 8 нафар фуқарога ҳам 34,2 млн сўм маблағ берилган.

Энг ачинарлиси, айрим фуқароларнинг номидан, уларнинг розилигисиз, гўё уларга 21 млн сўмлик тикув машиналари берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузилган. Аммо аслида бу ускуналар мансабдорлар томонидан ўзлаштирилган.

Текширувлар натижасида давлат бюджети ҳисобидан ажратилган 213 млн сўм маблағ қонунга хилоф равишда ишлатилгани фош этилди.

Ҳозирда Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди — жуда кўп миқдорда фирибгарлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.