Россиядаги миграция чекловларига қарамасдан, пул ўтказмалари ўсмоқда

13:11 | 2 дақиқада ўқилади.

Россияда миграция сиёсатининг қаттиқлашувига қарамай, Марказий Осиё давлатларига юборилаётган пул ўтказмалари барқарор сақланмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, айрим давлатлар маблағ олишда ўсишга эришмоқда.

Perevod rf

Россияда қабул қилинаётган қатъий миграция қонунлари Марказий Осиёдан келган ишчи мигрантларга салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилса-да, улар юборган пул ўтказмалари ҳозирча кескин камаймаган.

«Независимая газета» маълумотларига кўра, Россияда ишлаётган мигрантлар сони озаймоқда. Аммо бу ҳолат Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон иқтисодига ҳозирча жиддий таъсир кўрсатмаган. Жаҳон банки маълумотига кўра, фақат Тожикистоннинг ўзи 2024 йилда 5,8 млрд доллар пул ўтказмасини қабул қилган. Бу ўтган йилга нисбатан 27 фоизга кўп.

Марказий Осиё фуқаролари Россиядан ташқари Жанубий Корея, Форс кўрфази мамлакатлари ва Европа давлатларига ҳам меҳнат миграциясини йўналтира бошлади. Шу билан бирга, Россия ҳудудида ҳануз 70 минг қирғиз, 200 минг тожик ва 500 минг ўзбекистонлик мигрант қонуний мақомсиз фаолият юритмоқда.

Қирғизистонлик эксперт Асилбек Эгамбердиев Россия сиёсатини самарасиз, деб баҳолади. Унинг фикрича, меҳнат визаси тизими орқали қонуний ва барқарор миграцияни ташкил этиш имкони бор. Акс ҳолда, миграцияни назорат қилиш янада қийинлашади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Россиядаги ички сиёсий ўзгаришлар минтақавий иқтисодиётга узоқ муддатли таъсир кўрсатиши мумкин. Лекин ҳозирча пул ўтказмаларида пасайиш кузатилмаяпти.