Онлайн маркетплейсларда 270 дан ортиқ контрафакт товар аниқланди

16.05.2025 11:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Uzum, Olcha ва Glotr каби платформаларида машҳур брендларга тааллуқли сохта маҳсулотлар сотилаётгани маълум бўлди.

Marketplace

Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти маълумотига кўра, Uzum, Olcha ва Glotr маркетплейсларида контрафакт маҳсулотлар савдоси бўйича мониторинг ўтказилган. Текширув давомида Uzum Marketда 220 тага яқин, Glotr ва Olcha платформаларида эса тахминан 50 та сохта маҳсулот аниқланган.

Контрафакт товарлар орасида кийим-кечак, косметика ва маиший техника кенг учраган. Улар орасида Adidas, Chanel, Bosch, Puma, Gucci, Samsung каби таниқли брендлар номи билан сотувга қўйилган маҳсулотлар ҳам бор. Аниқланган ҳолатлар бўйича ҳуқуқ эгаларининг мурожаатига кўра Uzum Marketда айрим сохта товарларнинг савдосига чеклов қўйилган ва улар сайтдан олиб ташланган.

Вазирлик маълум қилишича, қолган ҳолатлар юзасидан ҳуқуқ эгаларини хабардор қилиш ишлари олиб борилмоқда ва уларнинг муносабатига қараб зарур чоралар кўрилади.

Департамент тадбиркорларга мурожаат этиб, интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилганда 1008 рақамли ишонч телефонига ёки info@adliya.uz электрон манзилига хабар беришни сўраган.