Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 16 май куни бўлиб ўтган брифингда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маслаҳатчиси Отабек Усмонов 2024 йил ва жорий йилнинг биринчи чорагида реклама соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.
Қайд этилишича, телевидение, радио, ташқи реклама, босма нашрлар ва интернетда жами 45 мингга яқин ўрганиш ўтказилган. Уларнинг натижасида 17 641 та ҳолатда қонунбузарлик аниқланиб, камчиликлар бартараф этилган.
Айниқса, дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларга оид 150 та рекламада қонунга зид маълумотлар тарқатилган. Тамаки, алкогол ва электрон сигаретларга оид 337 та объектда реклама қоидалари бузилган. Шунга ўхшаш ҳолатлар ташқи реклама ва тарихий обидаларда ҳам кузатилган.
Туроператорлар томонидан «Умра» сафарларига оид лицензиясиз хизматлар реклама қилингани учун 27 компанияга молиявий санкциялар қўлланилган. 16 мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Қўмита томонидан 305 та реклама эскизи экспертиза қилинган бўлиб, 81 тасида қонун бузилиши аниқланган. Ноқонуний реклама тарқатган 90 та веб-сайтни блоклаш бўйича тегишли сўров юборилган.