Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володинга кўра, апрелдан бери амалга киритилган янги қонун доирасида рус тилидан имтиҳон топширган 1762 нафар мигрантлар фарзандларининг фақат 27 нафари имтиҳондан ўта олган.
Расмий маълумотларга кўра, фақат 335 нафар бола имтиҳонга қўйилган, шундан ҳам 44 нафари тестда қатнашган. Имтиҳонни муваффақиятли топширган болалар сони — бор-йўғи 27 нафар. Бу — умумий ариза берувчиларнинг 1,5 фоизини ташкил этади.
Володин бу ҳолатни Россияда қабул қилинган янги қонунларнинг самараси сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, ҳозиргача миграцияни назорат қилиш мақсадида 15 та қонунчилик ташаббуси қабул қилинган ва уларнинг барчаси кучга кирган.
Янги қонунга мувофиқ, энди фақат легал мақомга эга ва рус тилини етарли даражада биладиган болалар мактабга қабул қилиниши мумкин.
Бу орада, айрим мутахассислар бу амалиётни кескин танқид қилмоқда. Аввалроқ, Минздрав ҳам чет эллик шифокорларни рус тилидан тест қилиш ташаббусини қўллаб-қувватламаган.