Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» мажмуасида «TextileExpo Uzbekistan 2025» кўргазмаси доирасида маҳаллий ҳунармандлар маҳсулотларининг савдо-ярмаркаси ташкил этилди. Тадбир Савдо-саноат палатаси ва «Ҳунарманд» уюшмаси ташаббуси билан ўтказилмоқда.
Ярмарканинг мақсади — халқ амалий санъати ва қўл меҳнатига асосланган маҳсулотларни кенг оммага намойиш этиш, миллий ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш ва ички ҳамда ташқи бозорда уни тарғиб қилишдир.
Ярмаркада 30 дан зиёд ҳунарманд иштирок этмоқда. Улар томонидан тайёрланган заргарлик буюмлари, тўқувчилик маҳсулотлари, керамика ва миллий нақшли безаклар кўргазмаси кўпчилик эътиборини тортмоқда. Меҳмонлар ушбу маҳсулотларни наfaқат кўриш, балки харид қилиш имконига ҳам эга.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бундай тадбирлар маҳаллий ҳунармандларга янги бозорлар топиш ва хорижий харидорларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис келгусида бу каби ярмаркалар сони кўпайтирилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, 23–25 май кунлари «Tashkent City» сайилгоҳида «Ўзбекистон совғалари» кўргазма-савдоси ҳам ташкил этилиши кутилмоқда.