Трамп маъмурияти Россия-НАТО кенгашини қайта тиклашни таклиф қилди

11:45 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ Россия билан хавфсизлик музокараларини қайта бошлаш учун Россия-НАТО кенгашини тиклаш ғоясини илгари сурди.

Russia nato

15 май куни Bloomberg тарқатган маълумотга кўра, Доналд Трамп маъмурияти Россия-НАТО кенгаши доирасида хавфсизлик бўйича мулоқотларни қайта йўлга қўйиш таклифи билан чиқди.

Бу ғоя АҚШнинг Россия-Украина урушини тинч йўл билан ҳал қилиш режасига киритилган. Режага кўра, урушни музлатиш, Россиянинг Қрим устидан назоратини тан олиш ва Россияга нисбатан қўлланган айрим санкцияларни бекор қилиш таклиф этилмоқда.

АҚШ томони Украинага ишончли хавфсизлик кафолатлари бериш ва унинг ҳарбий салоҳиятини ривожлантиришни ҳам назарда тутган. Бироқ Москва бу каби ташаббусларга аввал ҳам рад жавоби берган, деб ёзади Bloomberg.

Маълумот ўрнида, Россия-НАТО кенгаши 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, у икки томон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ҳарбий-сиёсий масалаларда келишувларга эришишни мақсад қилган. Аммо Россиянинг 2022 йилда Украинага бостириб кириши ортидан кенгаш фаолияти тўхтаган. Охирги йиғилиш 2022 йилнинг январида ўтказилган.

Шу билан бирга, айни пайтда НАТОнинг «Griffin Lightning 2025» номли ҳарбий машғулотлари 3 майдан 23 майгача Литвада ўтказилмоқда. Германия ҳарбий авиацияси бу мақсадда Литвага жойлаштирилган.