Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида яшовчи Т.Р. Россия қуролли кучлари таркибида Украинага қарши қуролли можарода қатнашган. Унинг жанговар ҳаракатларда ҳарбий блиндажлар қуриш ишларига жалб этилгани маълум қилинди. Суд ҳужжатларига кўра, у 2021 йилда ишлаш мақсадида Россияга борган ва 2024 йил январда қўлга олинган.
Россиядаги ҳуқуқий муаммолардан қутулиш, фуқаролик олиш ва шахсий манфаатлар учун армияга ёлланган фуқаро 2025 йил 10 январь куни Ўзбекистонга қайтган. Судда айбини тан олган ва пушаймонлигини билдирган.
Жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом туман суди уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми бўйича айбли деб топди. Суд унга енгилроқ жазо сифатида 4 йиллик озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Жазо муддати давомида у фақат ишга бориш ва уйга қайтиш ҳуқуқига эга.