Украинага қарши 640 минг россиялик жангчи жалб этилган

15:27 | 2 дақиқада ўқилади.

Украина бош қўмондони Олександр Сирскийга кўра, Россия фронтдаги фаол ҳаракатларни тўхтатмасдан, урушни тўлиқ «ҳолдан тойдирувчи уруш» босқичига ўтказган. Унинг таъкидлашича, Россия ҳали ҳам ўз мақсадларидан воз кечмаган.

Sirsky

Украина Қуролли Кучлари бош қўмондони Олександр Сирский НАТО–Украина кенгаши йиғилишида сўзга чиқиб, Россия ҳали ҳам дипломатик чақириқларга қарамасдан ўз ҳарбий мақсадларини амалга оширишга интилмоқда, дея баёнот берди.

Сирскийга кўра, ҳозирда фронт чизиғи қарийб 1100 километрга чўзилган ва жанглар барча йўналишларда фаол давом этмоқда.

У Россия агрессиясини «ҳолдан тойдирувчи уруш» деб баҳолар экан, ҳозирги кунда Украинага қарши жангларда Россиянинг умумий жангчилар сони 640 минг нафарга етганини маълум қилди.

Шу билан бирга, Украина Қуролли Кучлари мудофаа операцияларини самарали олиб боришни давом эттирмоқда ва босқинчиларга жиддий йўқотишлар етказмоқда.

Украина қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, 14 май кунининг ўзида 128 та жанговар тўқнашувлар қайд этилган. Покровск йўналиши ҳозирги кунда энг кескин нуқта сифатида қолмоқда.

Сирский таъкидлаганидек, Украина адолатли тинчликка умид боғламоқда, бироқ вазият ҳозирча тинч йўл билан ҳал бўлишидан йироқ.