Жаҳон банки Ўзбекистон электр тармоқлари учун 100 млн доллар имтиёзли кредит ажратди

11:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда электр энергиясини ишончли етказиб бериш ва қайта тикланувчи манбаларни тармоққа улаш мақсадида Жаҳон банки 100 млн доллар имтиёзли кредит ажратишга розилик берди. Яна 50 млн долларни «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ўз маблағларидан йўналтиради.

Lep

Жаҳон банки тақдим этаётган кредит ҳисобидан электр тақсимловчи инфратузилмани модернизация қилиш, автоматлаштириш ва рақамлаштириш кўзда тутилган. 2024 йилда эски ва юкланган тармоқлар туфайли электр йўқотишлар даражаси қарийб 13 фоизни ташкил этган. Бу ҳолат энергия таъминотида кўплаб узилишларга олиб келмоқда.

Янги лойиҳа доирасида 6000 км паст кучланишли линиялар қурилади, 1200 та трансформатор янгиланади ва 150 мингта ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилади. Шунингдек, 4000 та маълумотлар концентратори орқали автоматлаштириш жараёни амалга оширилади.

Сармоялар асосан Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятларидаги устувор ҳудудларга йўналтирилади. Бу ҳудудларда электр таъминотининг ишончлилигини ошириш ва тармоқлар қувватини кенгайтириш режалаштирилган.

2030 йилгача Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия қуввати 25 GWга етказилиши кўзда тутилган. Аммо мавжуд тармоқлар модернизация қилинмас экан, янги манбаларни улашнинг иложи бўлмайди.

Жаҳон банки лойиҳа орқали 2029 йилга қадар мижозлар қониқишини 90 фоиз даражага етказиш, иссиқхона газлари чиқиндисини 450 минг тонна карбонат ангидридгача қисқартириш каби мақсадларни белгилаган.