Moody’s АҚШнинг кредит рейтинги пасайтирди

21:22 | 2 дақиқада ўқилади.

Moody’s халқаро рейтинг агентлиги АҚШ давлат қарзи ва бюджет дефицити ортиши туфайли мамлакатнинг кредит рейтинги Aaa даражасидан Aa1 даражасига пасайтирди. Бу билан АҚШ «катта учлик» рейтинг агентликлари томонидан энг юқори баҳодан маҳрум қилинган ягона давлатга айланди.

Germany economic

Moody’s агентлиги ўз қарорини АҚШдаги давлат қарзи ва фоиз тўловлари миқдори йиллар давомида ўсиб бориши билан изоҳлади. Таъкидланишича, бу кўрсаткичлар энди ААА рейтингига эга давлатларникидан анча юқори бўлиб қолди.

Агентликнинг фикрига кўра, АҚШда ҳукумат алмашинувлари ва Конгрессдаги келишмовчиликлар туфайли бюджет тақчиллигини камайтириш бўйича узоқ муддатли чоралар қабул қилинмаган. Ҳозирда муҳокама қилинаётган молиявий таклифлар ҳам Moody’sнинг баҳолашича, узоқ муддатда дефицитни бартараф этишга хизмат қилмайди.

Агентлик прогнозларига кўра, 2035 йилга келиб АҚШда бюджет дефицити ЯИМнинг 9 фоизигача етиши мумкин. 2024 йилда бу кўрсаткич 6,4 фоизни ташкил этган. Бундай ўсиш ижтимоий харажатлар ва давлат қарзи учун фоиз тўловлари ортиши, шунингдек, солиқ тушумларининг чекланганлиги билан боғлиқ бўлади.

Шунингдек, Moody’s ҳисоблашича, 2035 йилга келиб давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан нисбати 134 фоизга етади (2024 йилда — 98 фоиз). Бюджетдаги фоиз тўловлари умумий даромаднинг 30 фоизини ташкил қилиши мумкин — бу 2021 йилдагидан уч баравар кўп.

Moody’s АҚШнинг молиявий ва иқтисодий устунликларини эътироф этган ҳолда, бу афзалликлар энди бюджет кўрсаткичларидаги ёмонлашувни қоплай олмаётганини таъкидлади.