Дин ишлари бўйича қўмита умра зиёратини ташкил этиш бўйича фаолият юритиш учун яна икки компанияга — Centrum holidays ва Buxoro umra jamiyatiга лицензия тақдим этди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.
Mart ойида Дин ишлари бўйича қўмита туроператорлардан аризалар қабул қилиш жараёнини бошлаб, 7 апрелгача қабул қилган. Танлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, мазкур икки компанияни саралаб олган.
Centrum holidays компанияси 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг устав капитали 2,59 млрд сўмни ташкил этади. Унинг муассислари — Ҳафизжон Ғафуров ва Абдулазиз Абдураҳмонов ҳисобланади. Компания «My Freighter» билан умумий таъсисчилар орқали боғланган.
Buxoro umra jamiyati ҳақида эса оммавий манбаларда очиқ маълумотлар мавжуд эмас.
Шу тариқа, умра зиёратини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлган компаниялар сони 14 тага етди. Улар орасида Тошкентдан 6 та, Намангандан 3 та, шунингдек Андижон, Марғилон ва Урганчдан ҳам компаниялар бор.
Маълумот учун, ушбу фаолият билан шуғулланмоқчи бўлган туроператорлар махсус «Зиёрат» жамғармасига 1 млн АҚШ доллари миқдорида депозит ажратиши, шунингдек Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилот билан расмий шартнома имзолаши шарт. Улар зиёратчилар учун тиббий ёрдам, овқатланиш ва жойлашувни ҳам таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.