Фарғона вилоятида жойлашган Indorama Kokand Fertilizers & Chemicals заводида 16 май куни кечқурун аммиак чиқиши юз берди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, суюқ аммиакни темир йўл цистернасидан махсус сақлагичга узатиш пайтида шланг узилиб, модданинг тахминан 10 фоизи ерга оқиб тушган. Бу ҳолат корхона ҳудудида юз берган.
Ҳодиса жойига Миллий гвардия ҳарбийлари, ҳудудий ИИБ ва ФВВ бўлимлари етиб борди. Завод ходимлари ва яқин жойда бўлган фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди.
Расмий маълумотларга кўра, 10 га яқин шахс шифокорларга мурожаат қилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса 7 нафар фуқаро тиббий кўрикдан сўнг уйларига жавоб берилганини маълум қилди.
Заводга олиб борувчи йўллар вақтинча ёпилган. Ҳозирга келиб аммиак сизиб чиқиши тўлиқ бартараф этилган ва аҳолига хавф йўқлиги билдирилмоқда. Расмийлар фуқароларни овозаларга ишонмасликка ва хотиржамликни сақлашга чақирмоқда.