Туркия Қора денгиз остида 75 млрд метр куб газ топди

21:44 | 2 дақиқада ўқилади.

Туркия Қора денгизда 75 миллиард метр куб ҳажмда янги газ конини аниқлади. Бу захира мамлакат эҳтиёжини 3,5 йил таъминлашга қодир, деди Туркия президенти ражаб Тоййиб Эрдўған.

Turkiya gaz

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Қора денгизда «Гўктепе-3» деб номланган қудуқда янги газ захираси топилганини маълум қилди. Захира ҳажми — 75 млрд метр куб. Унинг иқтисодий қиймати тахминан 30 млрд долларга тенг. Бу табиий газ захиралари Туркия аҳолисини 3,5 йил давомида узлуксиз таъминлаш имконини беради.

Эрдўғанга кўра, мазкур қудуқда қазиш ишлари 27 мартда бошланиб, 16 май куни 3500 метр чуқурликда якунланган. Туркия ҳукумати сўнгги йилларда геология-қидирув ишларини фаоллаштириб, Қора денгизда 38 та, Ўрта Ер денгизи ҳудудида 11 та қазиш ишларини амалга оширган. Ҳозирги кунда Қора денгиздаги газ захиралари 4 млн хонадонни 9,5 млрд метр куб газ билан таъминлаб турибди. 2028 йилга қадар бу кўрсаткич тўрт баробарга оширилиши кутилмоқда.

«Бизни танқид қилаётганларга қарамасдан, Туркиянинг тўлиқ энергетик мустақилликка эришиш мақсадига етишимиз учун ҳаракатни тўхтатмаймиз», — деди Эрдўған.

Туркия, шу билан бирга, Европа билан энергетика соҳасида ҳамкорликни кучайтиришни мақсад қилган. Энергетика вазири ва турк дипломатларининг маълум қилишича, мамлакат Европа Иттифоқига экспорт ҳажмини 10 млрд метр кубгача оширишни режалаштирган.

Россия-Украина уруши туфайли Европа Россия газига боғлиқликдан воз кечмоқда. «Турк оқими»дан ташқари барча йўналишлар ёпилган. Эндиликда Туркиянинг геосиёсий ва энергетик аҳамияти ортиб бормоқда.