Ерда 17–18 май кунлари магнит бўронлари кутилмоқда

09:01 | 2 дақиқада ўқилади.

Қуёш фаоллиги ортиши туфайли шанба ва якшанба кунлари Ерда магнит бўронлари юзага келиши мумкин. Олимлар бу ҳолат инсон саломатлиги ва техника ускуналарига таъсир қилиши мумкинлигини айтишмоқда.

Magnit boroni

Россия Фанлар академияси Қуёш астрономияси лабораторияси маълумотларига кўра, 17 ва 18 май кунлари Ер атрофида геомагнит фаоллик ортиши кутилмоқда. Бу ҳолатга Қуёшдаги катта коронал тешик сабаб бўлади.

Олимларнинг таъкидлашича, бу кунларда Қуёш шамоли тезлиги одатдаги сониясига 400 километрдан 600–700 километргача ошиши мумкин. Бу эса Ер магнит қобиғида [G1] ва [G2] даражали бўронлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Агар қуёш зарралари ва магнит майдони параметрлари муайян мосликка эришса, [G3] даражали кучли бўрон ҳам кузатилиши мумкин.

Таҳлилларга кўра, геомагнит бўронлар эҳтимоли 30–40 фоизни ташкил этмоқда. Бунинг натижасида инсонлар ўзида бош оғриғи, чарчоқ, уйқусизлик ёки асабийлашиш каби аломатларни сезиши мумкин.

Бундан ташқари, бундай магнит фаоллиги электрон ускуналар, алоқа тизимлари ва сунъий йўлдош навигациясига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шундай вазиятларда техник носозликлар эҳтимоли ошади.

Мутахассислар аҳолига тиничликни сақлаш ва соғлиғига эътиборли бўлишни тавсия қилмоқда. Хусусан, хавф гуруҳига кирувчи инсонлар — юрак-қон томир хасталиги борлар эҳтиёт чораларини кўриши лозим.