Германия ва АҚШ Европада Patriot ва HIMARS учун ракета ишлаб чиқаради

10:52 | 2 дақиқада ўқилади.

Rheinmetall ва Lockheed Martin қитъада ракета ишлаб чиқаришни бошлаб, Европани Америкадан мустақил таъминлашни мақсад қилмоқда.

Patriot

Германиянинг Rheinmetall концерни ва АҚШнинг Lockheed Martin корпорацияси Patriot ҳаво ҳимоя тизими ҳамда HIMARS реактив артиллерияси учун ракета ва снарядлар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этмоқда. Бу ҳақда Hartpunkt нашри хабар берди.

Қурол турлари орасида ATACMS, GMLRS, Hellfire, JAGM ва PAC-3 ракеталари ҳам бор. Янги завод Европа ҳудудида қурилади ва 2026–2027 йилларда ишга туширилади. У йилига 10 мингта ракета ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

Rheinmetall раҳбари Армин Паппергерга кўра, АҚШдаги заводлар Европа эҳтиёжини таъминлашга улгурмаяпти: «Баъзан ракета олиш учун 10 йил кутишга тўғри келади — бу жуда узоқ».

Паппергер Rheinmetall корхонада 60 фоиз улушга эгалик қилишини таъкидлаган. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад — узоқ масофали ракеталарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш. Бу ракеталар Украина ва Европа давлатлари учун стратегик аҳамиятга эга.

Айни пайтда Rheinmetall ва Lockheed Martin лойиҳани амалга ошириш учун Германия ва АҚШ ҳукуматларининг расмий розилигини кутмоқда.